Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЗГУЛИК - ОЛИЙ МАҚСАД

адолат халқимиз учун азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келган. Буюк соҳибқирон Амир Темур ҳам "Куч - адолатда" деган ҳикматига амал қилишни таъкидлайди.
Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди раиси Отабек Назаров билан бўлган суҳбатимиз суд тизимининг ислоҳотлари тўғрисида бўлди.

- Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд - ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади - мустақил, кучли суд ҳокимиятини шакллантиришдан иборат, - деди Отабек Ҳасанович, - Зеро суд ҳокимиятининг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини ҳамда мамлакат конституциявий тизимини ҳимоя қилиш, қонунлар ва бошқа норматив - ҳуқуқий ҳужжатларни ижро қилиш ва қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бош қомусимиз қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида тантанали маросимда мазкур масалалар бўйича фикр юритар экан, куйидаги ташаббусни илгари сурди:
- "Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор такрорлайман: судянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши керак... Судлар томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор, энг аввало, адолатли, қонуний ва асосли бўлиши шарт. Шундагина одамларимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топишга бўлган ишонч янада мустаҳкамланади".
Ана шу мақсадда Ҳаракатлар стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган иккинчи йўналишида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш вазифаси белгиланди.
- Ҳурматли Отабек Ҳасанович, муҳтарам Юртбошимиз: "Судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, айниқса фуқаролик ишларида овора бўлиб юришларнинг олдини олиш, айнан бир инстанцияда судда ишни бир неча маротаба кўриб, турли қарорлар қабул қилиш амалиётига чек қўйиш вақти келди" деганлари ҳаётда қандай ўз аксини топмоқда? Яъни сиз раҳбарлик қилаётган фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судида ислоҳотлар қандай бажарилмоқда?
- Муҳтарам Президентимиз судялар билан ўтказган учрашувида танқидий баҳоланган ҳолатлар ва берилган кўрсатмалар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суд раиси сифатида хулоса чиқариб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш лозимлиги ва ишларни кўришда сансалорликка йўл қўймаслик шарт ва зарурлигини чуқур ҳис қилдим.
Шу ўринда бугуннинг энг долзарб вазифаларидан бири - ишларнинг ўз вақтида кўриб ҳал этилишни таъминлашга эришиш мақсадида ишни судда кўришга тайёрлаш босқичига оид процессуал қонун талабларини қайта кўриб чиқиш зарур деб ҳисоблайман. Чунки судгача бўлган тайёрлов босқичида тарафларни келиштира олсак, судловчилар учун манфаатли ва бу одамларнинг суд ва судяларга нисбатан ишончи янада ортишига хизмат қилади.
- Қизиқ, сиз нима сабабдан ушбу касбни танладингиз?
- Раҳматли падари бузургворим Ҳасан Назаров ва амаким Каримбобо 30 йилдан кўп вақт ичида қози бўлиб ишлаганлар. Мен улар суҳбатидан буюк донишмандларнинг "Одил суд - барча ижтимоий эзгуликнинг пойдевори", "Судья гапираётган қонун", қонун эса тилсиз судядир ва бошқа хил ҳикматларни билиб олганман.
Отам касбига бўлган меҳр мени 1974 йили Каттақўрғон туманидаги 3-сон ўрта мактабни битиргандан сўнг Тошкент Давлат юридик институтига олиб келди. Бироқ имтиҳондан ўтиш баллим етмаганлиги сабабли сиртқи бўлимига қабул қилишди. Назарияни амалиётга боғлаб ишладим. Меҳнат фаолиятимни Каттақўрғон шаҳар судида котибликдан бошладим. Албатта биринчи устозим, маслаҳатчим, насиҳат берувчи қиблагоҳим бўлсалар, иккинчиси суд раиси Умир Қувонов эди.
Судя бу шарафли, лекин машаққатли касб эканлигини ана шу йилларда англадим. Диплом олдим, масъул вазифаларда ишладим. Айни пайтда тақдир амри билан бу ерда зиммамга юклатилган масъулиятли вазифани сидқидилдан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга ва энг муҳими, халқимиз ва Президентимиз олдида берган қасамёдимизга ҳамиша содиқ қолишга ҳаракат қиляпман.
- Биламиз, судялар иши кўп. Аммо бўш вақт топилса, уни қандай сарфлайсиз?
- Мен оилали ва садоқатли умр йўлдошим, шифокор Дилрабо Элбобоева билан тўрт нафар фарзандимизни замонага хос ва мос таълим-тарбия беряпмиз. Қизим - Гулсанам Самарқанд давлат чет тиллар институтининг талабаси, ўғлим менинг изимдан бориб, Тошкент юридик олийгоҳида таҳсил олмоқда. Гулҳаё ва Камола мактаб ўқувчилари. Якшанба куни оила даврасида дийдорлашамиз, телевизор кўрамиз, бадиий асарлар тўғрисида баҳслашамиз.
- Сизнинг севимли адибларингиз?
- Абдулло Қодирий, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Чингиз Айтматов ва бошқа кўплаб ёзувчи ва шоирлар. Дарвоқе, спорт жону дилим, аммо футболга меҳрим бошқача.
Отабек Назаров билан суҳбатимиз қаймоқдек ширин бўлганда вақтимиз тугаб қолди. Хайрлашув олдидан у шундай деди:
- Ҳақ гап. Олий мақсад-эзгуликдир. Давлатимиз раҳбарининг мақсади ҳам яхшиликка интилиш ва халқимизнинг фаровон яшашидир.

Суҳбатни Зоҳир
ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.


Последнее редактирование: 11/01/2019 14:58;   Просмотров: 1026
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку