Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – ФАОЛИЯТИМИЗ БОШ МЕЗОНИ

Юртбошимизнинг бевосита ғамхўрликлари туфайли кейинги йилларда маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Туман прокурори, иккинчи сектор раҳбари, биринчи даражали юрист Хондамир Мардиев билан бўлган суҳбатимиз ҳам ана шу масалага бағишланди.

- Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти жойларда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги аҳволни ўрганиш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш орқали уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, самарали бартараф этиш ҳамда бу борада вазифаларимизни белгилаб олишда муҳим омил бўлмоқда, - деди Хондамир Алишерович, - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январда қабул қилинган "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди. Халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали шаклларини, секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида махсус вертикал бошқарув тизими жорий этилди.
Ушбу қарорга асосан, жойларда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Ўзим раҳбарлик қилаётган иккинчи сектор штаби Равонак маҳалласи биносида жойлашган. Марказ қайтадан жиҳозланиб, зарур канцелярия воситалари, мебель ва бошқа моддий - техника жиҳозлари билан таъминланди. У ерда намунавий иш юритилиши, ҳисоботларни жамлаш, умумлаштириш ва амалга оширилган ишларни таҳлил қилишнинг ягона тизими йўлга қўйилди. Доимий равишда ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда ҳудуддаги аҳоли хонадонлари мунтазам равишда ўрганилиб, амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилиниб келинмоқда.
Бугунги кунда секторимизда 21 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, уларда 78278 нафар аҳоли (19.300 та оила 11.996 та хонадонларда) яшаб келмоқда. Ҳудудда 13 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 2056 нафар болалар тарбияланмоқда. Шунингдек, 10844 нафар ўқувчи 17 та умумтаълим мактабида таҳсил олишмоқда. 2 та касб-ҳунар коллежида эса 2969 нафар ўқувчи касб-ҳунар сирларини ўзлаштириб келишмоқда.
Сектор ҳудудида аниқланган муаммолар юзасидан тегишли ташкилот ва муассаса раҳбарларига фуқароларнинг муаммоларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқилиши ҳамда натижаси бўйича белгиланган муддатларда секторга маълумот бериши назоратга олинган. Бугунги кунда 202 та хонадонда аниқланган муаммолар ўз вақтида ҳал этилди. Жумладан, 11 нафар фуқарога суюлтирилган газ балонлар етказиб берилди, 72 нафар фуқароларнинг тиббиёт соҳасидаги муаммолари ҳал этилиб, шулардан 5 нафар фуқаро вилоят шифохоналарига имтиёзли равишда ётиб даволаниш учун ордер олди. 23 нафарига туман шифохонасида даволаниш учун йўлланма берилиб, 12 нафар фуқаролар дори - дармонлар билан таъминланди. 2 нафарига ногиронлик гуруҳи тайинланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилишига амалий ёрдам кўрсатилди. 21 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро эса биринчи ёрдам учун дори-дармон билан таъминланган. Шунингдек, сектор маҳаллаларида яшовчи 9 нафар фуқароларга ногиронлик аравачаси олиб берилди. 3 нафар болажонлар МТМга жойлаштирилди. Бундан ташқари, 11 та пенсия, 35 та бандлик, 48 та кадастр ҳужжатлари тайёрлаш билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилди.
"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида 16 нафар жисмоний шахсларга 371,8 млн. сўм ва 1 та юридик шахсга 60,0 млн. сўм, жами 431,8 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса "Yoshlar - kelajagimiz" давлат дастури доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Сектор ҳудудида 108 та саноат корхоналари, 6 та қўшма корхоналар, 381 та кичик бизнес субъектлари мавжуд. Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар борасида вилоят ҳокимининг 2019 йил 23-мартдаги 93-Қ-сонли қарорига асосан, сектордаги "Мотрид Агротехсервис" Агрофирмаси ҳудудидаги "Zarafshon Vallery Bricks" МЧЖга сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш учун шароит яратиш мақсадида 1,5 га ер майдони ажратилди.
Келгусида ҳудудларни ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини тобора яхшилаш бўйича фаолиятимизни тобора кенгайтириб борамиз. Жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, адолатли ва таъсирчан тизим жорий этиш ишимизнинг дастуриламалидир.

Суҳбатни Баҳодир ЗоҲир
ёзиб олди.


Дата добавления: 12/04/2019 14:30;   Просмотров: 1158
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку