Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АЭРОПОРТДА ФОШ ЭТИЛГАН ҚИНГИРЛИКЛАР

Самарқанд халқаро аэропортига Туркия давлатидан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Д.Д. "яшил" йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида унга тегишли багаж сумкаси божхоначилар эътиборини тортди.

Божхона ходимлари холислар иштирокида фуқарога тегишли сумкани кўздан кечиришганда унинг ичидан Ўзбекистон Республикасига божхона тўловларисиз олиб кириш меъёридан (65 гр.) ортиқча 20 қути жами 2400 жуфт "NINA Collektion" номли қизлар зираги ва бир нечта қулоқ тешадиган махсус воситалар борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан божхоначилар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ҳамда вилоят маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди.
Ўтказилган суд мажлисида фуқаро Д.Д. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227 -моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган жами баҳоси 23 миллион сўмга яқин бўлган заргарлик буюмлар ва қулоқ тешадиган махсус воситалар тегишли тартибда давлат фойдасига мусодара қилинди.
Шунингдек, "Самарқанд аэропорти" чегара божхона пости ходимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг божхона чегараси орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош этишди.
"Самарқанд" халқаро аэропортига "Шереметьево-Самарқанд" йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро А.К. "қизил" йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида унинг безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди. Унга тегишли бўлган сумка холислар иштирокида текширилганда бу бежиз эмаслиги маълум бўлди: сумкада жами 50 дона 12 мм калибрли ов қуроли гильзаларини яшириб ўтаётганлиги аниқланди. Шу ернинг ўзида А.К.га нисбатан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан суд фуқаро А.К.ни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 227 -моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, тегишли жазо чораси қўлланилди.

Вилоят божхона бошқармаси
ахборот хизмати


Дата добавления: 26/04/2019 15:51;   Просмотров: 910
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку