Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Адолат ва Қонунийлик ҚЎрҒони

Ўтган асрнинг 60 - 70-йилларида туманимизнинг бугунги янги маъмурий маркази ҳудудлари нообод дашту чўл қиёфасида эди.

Кекса авлод вакиллари ҳали ҳамон ўша давр хотираларини эслаб туришади. Кўп ажойиб инсонлар, фидойи раҳбарларнинг салмоқли меҳнатлари туфайли кейинги сал кам ярим аср давомида ушбу дашт кенгликларида Гулобод шаҳарчаси юзага келди, кўп қаватли турар жойлар, коттежлар, ҳокимлик, турли бошқарув идоралари, савдо ва маиший хизмат шахобчалари, амфитеатр, ўйингоҳ, муҳташам корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, хулласи калом, тинч ва бахтли ҳаёт кечириш, меҳнат қилиш учун барча зарур шарт - шароитлар мужассам улуғвор маскан барпо этилди. Эндиликда бу ҳудуд нафақат юртимиз аҳли, балки чет эл сайёҳларию хайрхоҳ инвесторлар, сон-саноқсиз меҳмонлар назарига тушган салоҳиятли иқтисодий - ижтимоий объектга айланмоқда.
Қадимий ва навқирон шаҳримизни туман маркази билан боғловчи катта магистраль йўлга Гулобод номи берилганлигида ҳам чуқур маъно борга ўхшайди.
Янги йил арафасида яна бир салобатли, кўркам бино, яъни туман прокуратураси, Республика Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ ва валютага оид жиноятларга ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг туман бўлимларини ўз бағрига олган замонавий иншоот тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Тадбирда вилоят прокурори Ф. Зуҳуров, туман ҳокими Ш. Жамолов, суд-ҳуқуқ, адлия, ИИБ ҳамда прокуратура органларида узоқ йиллар самарали хизмат қилган фахрийлар, соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Зиналардан кўтарилиб бино ичига кирганда диққат - эътиборингизни Юртбошимизнинг "Ҳар бир прокуратура ходими - олийжаноб халқимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси, адолат ва қонунийлик посбони" деган сермазмун сўзлари ўзига тортади ва бу муассаса аҳли зиммасида нақадар жиддий масъулият юкланганлигини ёдга солади.
Барча замонавий мебель, оргтехника, гилам, пардалар, видеокузатув камералари билан жиҳозланган ушбу уч қаватли бинонинг ҳар бир хизмат хоналарини кўздан кечириб, қўли гул қурувчи, муҳандисларга таҳсинлар айтмасдан илож йўқ. Теварак атрофдаги ёрдамчи бинолар, ям-яшил майдон ва арчазор, меҳмонхона, ошхона, муҳим ва тезкор алоқа воситаларини айтмайсизми?
Миллий удумларимизга биноан қуръон тиловатидан сўнг жонлиқ сўйилиб келганларга дастурхон ёзилди. Байрамона кайфиятда ўтган бу тадбир узоқ йиллар эсда қоладиган бўлди.
Янги йилда янги кошона муборак!

Н. МеҲрангиз


Последнее редактирование: 08/01/2019 10:22;   Просмотров: 1060
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку