Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"ШОҲНОМА"НИНГ ҚИММАТИ НИМАДА?

Форс-тожик адабиётининг шоҳ асари "Шоҳнома" ҳақида ўрта мактабнинг юқори синфида ўқиб юрганимизда адабиёт муаллимимиз гапириб берганди. "Абулқосим Фирдавсий форсий адабиётнинг улкан намоёндаси, "Шоҳнома"нинг яратилиши Эрон диёрида форсий тилнинг яна устуворлигини олиб келди,- дея образга кириб сўзларди Лиза Жўраева.- Араблар босқинидан кейин Хуросон, Эрон халқлари ҳам арабча ёзув ва ўқувни устун билдилар.

Сабаби, араблар ўлкага фақат ҳукуматларини эмас, динлари, тиллари, йўсинларини танита олган эдилар. Ўлкага ислом дини арконларини ёйган араблар янги мусулмонларга арабчани ҳам ўргатишди. Х асрдаги бу воқелик таъсирида форсий ва туркий тиллар арабча ёзув ва сўзлашувдан бироз ортда қолди -сустлашди. Форсий сарфи ва нахви арабий имлоларга яқинлиги боис форсий тилнинг ҳоли бутунлай ёмонлашди. Шу даврда форслар ўз тиллари қолиб, китоб ва ёзувларини ҳам арабча имлоларда ёза бошладилар. Бу даврда яшаган ва ўз она тили саёзлашаётганини кўриб, қийналган Эрон шоири Абулқосим Фирдавсий ўттиз йил заҳмат чекиб "Шоҳнома" назмий асарини яратди. Форсий халқ асарни ўқиб Эрон улусини арабдан совутиб, эронли туйғусини берди, десак муболаға бўлмайди."
Устоз тўққизинчи синфда ўқийдиган аълочи ва шеър машқ қиладиган ўқувчиларга "Шоҳнома"ни ўқиб, ўрганиб кейин шеър машқ қилинглар, деб кўп уқтирарди. Орадан икки йил ўтиб Самарқанд давлат университети механика математика факультетига ўқишга кирдим.Математика ўқитиш методикаси фанидан домламиз Абдуҳаким Абдуҳамидов зукко олим эдилар. Дарс охирида талабаларга Навоий, Жомий, Румий шеъриятидан мисралар айтиб, маъносини тушунтириб берарди.У киши Каттақўрғонда мадраса таълимини олган бобосидан форс ва араб тилларини ўрганган, бу тилларда эркин ўқир ва ёза оларди. Бир гал домла Фирдасийнинг шеърларидан ўқий бошлади.
Зи шири шутур хўрдану сусмор,
Арабро ба ҷое расидаст кор.
Ки тахти Каёнро кунад орзу,
Туфу, бар ту эй , чархи гардун, туфу!
Бунинг туркийдаги маъноси: "Туя сути билан илон эти емакдан бошқа иш билмаган арабнинг иши, шу ерга чиқмишким, Эрон императорининг тахтини истайдилар. О, шу ишга сабаб бўлган фалак, туфу сенга, туфу!"
Математик бўлсада,адабиётни чуқур биладиган домламнинг сўзларидан ҳайратга тушдим. Ижара уйимизга келиб, тарихий китобларни варақладим. Қадимги Эронда Каёнийлар, Сосонийлар, Пешдодийлар сулолалари ҳукмронлик қилган. "Шоҳнома"да назмий "Ки тахти Каёнро кунад орзу", деб ёзган улуғ Фирдавсий қадимги Каёнийлар сулоласи ҳукмдори тахтини... араблар орзу қилаяпти, деган фикр келиб чиқишини билиб олдим.
"Шоҳнома"ни топиб ўқиш истаги пайдо бўлди. Пушкин номидаги кутубхонада биттагина нусхаси бўлиб, уни ҳам аспирант қиз олганини айтдилар. Тортиниб-тортиниб Абдуҳамидов домладан китобни сўрадим. "Шоҳнома"дан баъзи бобларини нухса кўчириб олганман, сенга шуни берсам", дедилар ўзига яқин олиб. Икки кун ухламай нусхани кўчириб олдим.Юз мисра шеъридан ёд олдим.
Бу воқеага ҳам қирқ йил бўлди-ёв.Адабиёт муаллимим ҳам, дорилфунундаги математик домлам ҳам бугун орамизда йўқлар. У пайтларда ўзбек тилининг давлат тили мақоми тўғрисида ўйлаш хаёлий орзу бўлган. Иккала устоз ҳам "туркий тиллар, туркий адабиёт, туркий халқлар" деб эҳтиёткорлик билан гапирардилар.Совет тузуми сиёсати қалтис, бу гапларни ўзимизнинг орамиздаги хоинлар бошқача тус бериб етказиши мумкин, дея янада хушёр ва огоҳ бўлиб сўзларди.
Туркий оламнинг улуғ алломалари Форобий, Абу Али ибн Сино асарларини арабча ёзувда битганлар.Дунёнинг буюк ҳакими Ибн Сино тожикдир. Иккинчи Арасту дейдиган аллома Форобий, ваҳдади вужуд фалсафасининг имомларидан бўлган Жалолиддин Румий форсий адабиётнинг пайғамбарларидан бўлган. Низомий Ганжавий туркий халққа мансубдир. Бу улуғ зотлар фақат турк улусини эмас, бутун дунёнинг улуғ кишиларидир. Бу зотлар форсий ва арабий грамматикани чуқур билиб, ўрганиб, асарларини араб ва форс тилларида ёздиларки, илм осмонида таниқли бўлдилар.
Туркиялик доктор Турон Ёзғон шундай дейди: "Яссавий биз учун улуғ мутафиккиргина эмас, у турк маданияти ижодкоридир. Биз унга бош эгамиз". Турк олами, туркий халқлар маданияти Хожа Аҳмад Яссавийдан бошланган экан, бунинг замирида унинг қалби, шеърияти турибди.
-Туркий тил улуғдир, - дерди Абдуҳамидов домла.- "Шоҳнома"ни форсийда ўқидим. Назмий сатрлар маъносини чаққандек бўлдим. Шамснинг туркчаси қуёшдир. Кавокибнинг туркий маъноси юлдузлардир. Меънориники суюқ ўтдир. Саҳоби маъни - ёруғ булут, ҳандаса - ўлчов хат, чизиқ, зовия - бурчак, пучмоқдир. Кавоҳи собита -турғувчи юлдуз, кавкаби зузаиб -қуйруқли юлдузлардир.
"Туркий халқлар бошида ўзбеклар туради, - дейди академик Аҳмадали Асқаров.- Бу ерда этник масала йўқ. Ўзбеклар иккита ўзак: биринчиси Хуросон, Мовароуннаҳр форсийлар, иккинчиси туркийлар. Маҳмуд Кошғарийнинг, Юсуф Хос Хожибнинг китоблари ўзбек-туркий тилидир. ўзбек-туркий тилидадир Бу китобларга ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз бариси даъвогар. Туркий халқлар шаклланишида эроний тожикларнинг ҳам ҳиссалари катта".
Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз йил тўлди -катта байрам сифатида нишонладик. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 октябрда "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга имзо чекдилар.Фармонга мувофиқ, 21 октябрь санаси юртимизда "Ўзбек тили байрами куни" деб эълон қилинди.
Сўзимизни жаҳон адабиётининг мумтоз шоири Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асаридан бошлаганимиз маъниси ҳам шу, бугун туркий тилимиз ва туркий адабиёт асосчиси улуғ Навоий, Маҳмуд Кошғарий, Захириддин Муҳаммад Бобур асарларини ўрганаётган талаба ёшлар минг йил бурун ёзилган "Шоҳнома" қиммати нелигини билсинлар. Зеро, бизнинг қадимда яшаган туркий ҳоқони давлатларимиз Маҳмуд Ғазнавий "Шоҳнома"ни ўқиб, туркий шоирларимиз туркий назм битсинлар, ҳар йўлига бир олтин берайлик, дея она тилимиз қимматини бошлари узра улуғлаганлар.
Ҳазрат Навоий:
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур,
деб туркий улус, туркий тилни кўкларга кўтарганлар.

Убай ҚОДИР, журналист


Последнее редактирование: 20/05/2020 16:58;   Просмотров: 846
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку