Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИСТИҚЛОЛ КАҲРАМОНЛАРИ

Маҳмудхўжа Беҳбудий ва маориф
Сани бундан буён Тўрон кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?

ХХ-аср ўзбек маорифи ва маданияти , қолаверса, бугунги Мустақиллик тафаккуримиз, жадидчилар олдида бурчлидир. Бундай қатъий қарорга келишдан олдин Туркистонда жадидчилик ҳаракати, унинг каҳрамонлари, қилган буюк ва унутилмас ишлари хусусида эслаб олмоғимиз жоиз.
ХХ-аср бўсағасидаги Туркистон илмий, маданий, маърифий ҳаётига назар ташлаймиз. Жадидчилик ҳаракатининг сарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий замон ва макон хоҳиш иродаси ва талаби билан маънавият саҳнасига чиққан ва ўчмас из қолдирган сиймодир. У ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракатларида фаол қатнашган энг йирик намояндаси, янги замон ўзбек адабиётининг асосчисидир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875-йилнинг 19-январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, она томондан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, 1785-1880 йилларда Самарқандга келиб қолган.
Ўтган аср бошларида замонавий мактаб ғояларини тарғиб килиш, кенг омма олдига олиб чиқиш анчайин мушкул замонда Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари жадидларимиз ўз ҳисобларидан мактаблар очдилар. Ёш авлодларни саводли қилиш, хақ-ҳуқуқларини билиш, дунё ҳамжамияти саҳнасига олиб чиқиш йўлида хизмат қилдилар.
Айтишларича, кўҳна Самарқанднинг Намозгоҳ жомеъ-масжиди атрофида кенг ва обод боғ бўлиб. Маҳмудхўжа Беҳбудий авлодларига қарашли бўлган. Катта ҳудудда олмазор ва токзор бўлиб, албатта унга Самарқанднинг иқлими ва об-ҳавоси ижобий таъсир кўрсатган. Боғдан олинган даромаддан маъруф Маҳмудхўжа самарқандлик болалар учун дарсликлар олиб берган, янги мактаб қурилиши ва зарур жиҳозлар билан таъминланиши учун сарф қилган.
"Усули жадид", "Усули савтия" номлари билан шуҳрат топган мактаблар учун адабиёт, жуғрофия, ислом тарихи каби дарсликлар ёзган. Мактабларда шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор тўйғуларни сингдиришга уриндилар. Замон талабига мос равишда Туркистон мусулмонларининг шаъну-шарафини ҳимоя қилдилар. Ўша таҳликали замонда Маҳмудхўжа Беҳбудий ёзади: "Янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқилатургон мактабларни маънан тафтиш этиш, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддир. Тааруз (хужум)
Ва душманлик эмас, агарда шахсиятга тукунмаса…"
Тарих чархпалагидан маълумки, қайсидир босқинчи маълум бир ҳудудни босиб олиш, ҳукмронлик қилиш, бойлигини талаш учун аввал шу ҳудуддаги билимли,илмли, миллий тараққиётни уйлайдиган кишиларни йўқ қилган. ХХ - аср охирларида , хусусан, 1868- йилда Самарқандга ҳам ҳужум қилган рус қўмондонларининг асосий мақсадлари маҳаллий халқни талашдан иборат бўлган. Бунинг учун эса халқнинг тилини, тарихини, динини йўқотишга ҳаракат қилинган. Сохта ваъдалар, сохта пуллар, сохта амаллар орқали халқни алдаб ўз ҳудудларини кенгайтиришган. Маҳаллий халқ замонавий ва мустаҳкам қуролланган рус қўшинларига қарши кетмон, белкурак каби кундалик жиҳозлар билан шу билан бирга мустаҳкам ирода, ғанимларга қарши буюк нафрат билан курашга отланишган. Бундай тукнашувнинг оқибатини олдиндан сеза олган Маҳмудхўжа Беҳбудий "мактабларда ўқитуладиргон китоблар"ни маънан тафтиш килди.
Минглаб йиллардан бери ўз турмуш тарзи, маданияти, миллий-урф одатларига эга бўлган халқни "маданийлаштириш" учун янги " туземный" мактаблар очилди. Бошқача таҳсил олишни хоҳловчи ўқувчилар онгига янги усулдаги диний ва дунёвий билимлар сингдирила бошланди. Мактаб ва ўқувчилар тақдири келажакда некбахтлик ва гўзал амаллар ваъда берадиган миссионерлар қўлига топширилди.
"Бу мактабларга зоҳиран мусулмон муаллими тайин этиб, анга 15 сўмдан 25 сўмгача вазифа берардилар. Албатта, бу пулга ҳеч муқтадир киши муаллимлик қилмас эди. Дигар тарафдан ҳуфя приказлар ила бу мактаблардаги мусулмон болаларини оз таълим бермоғга ва бақадриимкон амрини зоих ва ўзини ҳайвон қилмоққа фармойиш қиладилар",- деб куйиниб ёзади Маҳмудхўжа Беҳбудий.
ХХ-аср охирида бир ҳисори қўйнинг нархи 20-30 сўм, бир кийимлик "ипаклик атлас аълолари" 2 сўмдан 30 сўмгача бўлганини ҳисобга олсак, муаллимларга берилаётган ойлик тайинлари маълум бўлади.
Россия Муваққат ҳукуматининг Туркистон комиссари Куропаткиннинг сўзларига кўра ўлкани қўлдан бермаслик, табиий ва моддий бойликларига тўла ҳукмрон бўлиш учун бор куч-ғайратларини ишга солдилар. Мустамлакачилар аҳолини 50 йил маърифатдан четда сақлаб келдилар. Халқ орасида турли игво таркатиб, узаро бирдамликни буздилар. Халкнинг бирлашишига, иттифоқ бўлишига тўсқинлик қилдилар.
Агар маълум бир ўлка аҳолисини яхлит бир кимса - киши мисолида оладиган бўлсак, халқ бошида турган раҳбарларни киши бошига, аҳолини қўл ва оёққа менгзаш мумкин. Киши танасини бир-биридан айро қилсак, фаолияти тугайди ёки сустлашади. Бутун вужудни ақл-заковат ила бошқариб турадиган мия ва юрак тўхтатилса, киши умри ҳам ниҳоясига етади. Мия ва юрак доимий равишда эътиборга, нурга муҳтож. Жадидлар шундай вазиятда вужудга келдиларки, Туркистонда ҳокимият аҳолидан, аҳоли эса ҳокимиятдан норизо. Улар орасида қора мушук сингари кўзлари ёниб турган империя вакиллари турар эдилар. Империянинг ягона мақсади эса бойлик эди. Жадидларнинг мақсади эса вужудни тиклаш, нур бағишлашдан иборат эди.
Аср бошида Тошкент, Фарғона, Самарқанд шаҳарларида янги мактаблар ташкил топа бошлади. Ибрат, Мунавварқори, Авлоний, Сўфизода, Саидризо Ализода номлари тилга туша бошлади.
Беҳбудий 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи қишлоғида домла Сиддиқий, Ражабамин қишлоғида устоз Шакурий билан мактаблар ташкил қилади. Янги мактаблар учун дунёвий дарсликлар тузишга киришади. 1904 йилда "Рисолаи асбои савод", 1905 йилда "Рисолаи жуғрофияи умроний", "Рисолаи жуғрофияи Русий", 1908 йилда "Китобат-ут атфол", "Амалиёти Ислом" , 1909 - йилда "Тарихи ислом" каби китоблари пайдо бўлади.
1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида курилган мактаб биноси ҳозир ҳам сақланиб келмоқда. Шакурий мактабини эса Беҳбудий 1908 йилда Самарқанддаги ўз ҳовлисиги кўчириб келган.
"Самарқандий Мулло Абдулқодир шаҳардан уч чақирим ташқаридаги ўз ҳовлисида усули жадид мактаби очган эдики, болаларнинг шаҳардан бориб келиши кўп мушкуллиги учун ман роқими ҳуруф Маҳмудхўжа муфти жаноб баланд даражалик Самарқанд губернатори ва полицмейстерини олиб бориб, кўрсатиб ва шаҳарга ўз ҳовлимга кўчуриб келдим".- деб ёзади Беҳбудий.
Бу ҳақда ўлкадаги илк "Самарқанд" газетасининг иккинчи сонида мақола чоп этилгандан кейин самарқандлик бойлар Мулло Муҳаммад Раҳимбой, Мулло Жўрабой ва бошқалар маблағ ила кўшиш қиладилар. Кимдир ақча, кимдир жома…
Маълумки, 1899-1900 йилларда Беҳбудий бухоролик зиёли Ҳожи Бақо билан ҳаж сафарига чиқади. Байтуллога Кавказ, Истанбул, Миср давлатларини зиёрат қилиб боради. Бу сафар ҳижрий сананинг 1318 йилида бошланган бўлиб, саккиз ой давом этади.
Саёҳат давомида "Қасди сафар" асарларини ёзиб, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва албатта мактаб ҳаётини урганди. Ислоҳ қилиб, янги мактаб ҳақидаги қарашларини мустаҳкамлайди.
Айниқса, Европада бошланган ва Россияда давом этган жадидчилик ҳаракатини ўрганиш, Туркистонда хам янги йўналишдаги мактаб, маориф, маданиятни тарғиб қилиш мақсадида Исмоилбек Гаспирали ишини давом эттиради. 1903-1906 йилларда Москва, Петербург, Нижний Новгород, Уфа, Қозон шаҳарларида бўлиб, турмуш ва маданият муаммоларига бағишланган қурултойда иштирок этади. Нутқ сўзлайди.
Ростовда мусулмонларнинг мактаблари фаолиятини ўрганади. Йигитлар очиқ ва кенг , озода хоналарда қизлар билан бирга таҳсил олаётганини кўриб, ҳавас қилади. Бизда ҳам мактаб фаолиятини такомиллаштириш борасида мақолалар ёзади. "Мунтазам равишда расадхона, кимёхона, ташриҳ ва жарроҳи ва ҳикмат хоналари бордур". Англаш мумкинки, мактабларда диний таълим билан биргаликда дунёвий илм ҳам берилишига катта эътибор каратилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари мамлакат аҳолисини ўқимишли қилиш, ҳақларини таниш, ҳуррият зарраларини сезишга чақирдилар. Бу ҳуррият зарралари ортидан ялтираётган келажак, беҳисоб ранг-баранг ёғдулар, буюк Ватан тақдирини англашга чақирдилар. Боболардан мерос мукаддас тупроқ душман қўлида топталмаслигини хоҳладилар, мард ўғлонлар, дилбар қизлар кузларида маъюс нигоҳни кўришни истамадилар. Афсуски, ана шу ҳидояткорона фикрлари ва сўзлари учун ҳукуматга ёқмадилар.
1919 йилнинг 25-мартида Бухоро амири фармони ила Беҳбудий Қарши чўлларида қўлга олинади, Доимий курашлардан иборат бўлган ҳаёти даҳшатли якун топаётганини сезган Беҳбудий васият ёзади: "Сизларга васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар!

Дилафрўз РаҲматова


Дата добавления: 24/06/2020 14:58;   Просмотров: 705
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку