Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИГА ДАХЛДОР ЎЗГАРТИРИШЛАР

Маълумки, жамият ва давлат ҳаётидаги ҳар қандай ижтимоий муносабатлар қатъий хусусиятга эга эмас.

Фаол ислоҳотлар замирида ижтимоий муносабатларнинг такомиллашиб бориши уларни тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Шу муносабат билан жорий йилнинг 26 декабрида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-416-сонли қонун маъқулланди. Мазкур қонун билан 5 та Ўзбекистон Республикаси кодекслари ҳамда 22 та қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Жиноят кодексига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, фирибгарлик (168-модда), транспорт воситасини олиб қочиш (267-модда) учун жавобгарлик масалалари қатъийлаштириб қўйилди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175-6-модда билан тўлдирилиб, унда бюджет сўровини рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини ҳамда молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик тайинланиб, энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 2 бараваригача миқдорида жарима солиниши белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган маъмурий жавобгарлик таркиби ўзгартирилди. Энди ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик, эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик учун жавобгарлик жорий этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим нормаларига ҳам тузатишлар киритилди.

Тиббий хизматлар (косметологлар хизматлари бундан мустасно) ва ветеринария хизматлари, дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмларни реализация қилиш обороти, шу жумладан уларни ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилинаётган шундай воситалар ва буюмлар қўшимча қиймат солиғи тўлашдан озод қилинди.

“Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги Қонунда олиб кирилаётган товарларга қўйиладиган талаблар аниқлаштирилди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаёган товарлар белгиланган техникавий, фармакология, санитария, ветеринария, фитосанитария ва экология стандартлари, талаб-қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлиши лозимлиги кўрсатилди.

Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, қабул қилинган қонун мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, иқтисодиётни либераллаштириш жамиятимиз барқарорлиги, халқимиз фаровонлигини ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Зарина НУРИДДИНОВА, туман ФҲДЁ бўлимининг 1-тоифали инспектори

 

 

 


Последнее редактирование: 03/04/2017 13:02;   Просмотров: 1441
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку