Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВАТАН ЎҒЛОНИ БЎЛСАНГ - УНИНГ ПОСБОНИ БЎЛ!

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон –Мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз - фахру ғуруримиз!” шиори остида жойларда маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, мард ва жасур ўғлонларимизнинг эл-юрт тинчлиги йўлида кўтсатаётган ғайрату шижоати эътироф этилди.

Шу муносабат билан туман мудофаа ишлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлимлари, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши ҳамкорлигида “Баркамол авлод” болалар марказида ўқувчиларнинг анъанавий “Баҳодир-2017” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Тадбир низомига кўра ўқувчилар ўзини таништириш, қўлда куч синаш, ошпазлик, санъаткорлик ҳамда “Ўйла, изла, топ” шартлари бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этишди.

Тадбирда 30 га яқин мактабдан келган ўқувчилар ўзаро беллашиб мустақил диёримиз Қуролли Кучлари тарихи, бугунги тараққиёти ҳақида пухта билимга эга эканликларини, ўзлари эса келгусида ҳарбий бўлишга тайёрликларини ўз жавоблари билан кўрсатиб беришди.

“Баҳодир-2017” кўрик-танлови ғолиблари “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, “Баркамол авлод” болалар маркази, “Келажак–пресс” ижодий уюшмаси, туман мудофаа ишлари бўлими ҳамда ҳомий “Қўрғони калон” ЧПФК корхонасининг Фахрий ёрлиқ, диплом ва эсталик сов-ғалари билан тақдирланишди.

Ушбу тадбир “Баркамол авлод” болалар марказининг услубчиси Шамсиддин Ваҳобов ташкилотчилиги ва илмий изланишлари билан уюштирилгани учун у барчада катта таассурот қолдирди.

Н.ОЛИМОВ

* * *

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тумандаги мактаб, коллеж ва маҳаллаларда ҳам байрам тадбирлари уюштирилди. Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбарининг буйруғи асосида билим масканларида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этган ўғил-қизлар бу борадаги билимларини синовдан ўтказдилар. 1-умумтаълим мактабида “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз” шиори остида намойиш этилган саҳна кўринишлари ва ўғил болаларнинг мамлакатимиз мудофаа салоҳияти ҳақидаги жавоблари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбирда вилоят ташкилотлари, туман ҳокимлиги вакиллари, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси, туман ИИБ, Мудофаа бўлими ходимлари, маҳалла оқсоқоллари ҳамда бугунги кунда ўзининг йигитлик бурчини ўтаётган аскарларимизнинг ота-оналари иштирок этишди.

Тадбир аввалида таълим муассасаси раҳбари Дилдора Шукурова тўпланганларни байрам билан қутлади ва фарзандларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўқитувчиларга омадлар тилади.

Вилоят ҳокимлиги тарғибот гуруҳи аъзоси Самарқанд вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш институти ходими Шаҳриёр Холбоев тадбир шиори юзасидан маъруза қилди. Спортнинг бокс тури бўйича Осиё чемпиони Азиз Шукуров эришган ютуқлари тўғрисида маълумот берди. “Ўзбек-наво” ижодий гуруҳи ўзларининг байрам концертлари, бадиий чиқишлари билан ҳаммани хурсанд этишди.

Шунингдек, тадбир сўнгида туман ҳокимлиги бош мутахассиси Б.Нўмонов сўзга чиқиб барчани байрам билан табриклаб, тадбир кўтаринки руҳда ўтказилганлиги учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди.

Хуллас, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасини бажарувчиси Мадина Умурова ва инглиз тили тўгараги раҳбари Наврўза Остонова томонидан тайёрланган байрам тадбири барчага манзур бўлди.

М.УМУРОВА, 1-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасини бажарувчиси

С.НАРЗУЛЛОЕВА, туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлими методисти

* * *

Шунингдек, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси, туман маданият ва спорт ишлари бўлими, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши ҳамкорликда Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабида ҳам “Ватан ўғлони бўлсанг, унинг посбони бўл” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Баратова очди ва байрам билан барча ҳарбийларни муборакбод этди.

Меҳнат фахрийси Б.Зиёев, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси А.Раджабовлар ҳам сўзга чиқиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш натижасида Ватанни ҳимоя қилиш шарафли касбга айлангалигини эътироф этиб, ҳарбийларни байрам билан қутладилар. Туман маданият ва спорт ишлари бўлими санъаткорлари томонидан байрам концерт дастури намойиш этилди.

Тадбир сўнгида ҳарбийларга туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Насиба МАЛЛАЕВА

* * *

Яқинда тумандаги 45-умумтаълим мактабининг 8 ва 9-синфларида ўқиётган ўсмирлар ўртасида 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган “Баҳодир-2017” кўрик-танловида деярли барча ўқувчи йигитларнинг иштирок этиш истагини билдиришгани уларнинг энди шаклланиб келаётган келажак орзуларида ҳар нарсадан ватанга хизмат қилиш устуворлиги яққол намоён бўлди.

- Ўқувчиларимиз миллий армиямизда хизмат қилишни, Ватан ҳимоячиси деган юксак мақомга эга бўлишни шарафли иш деб ҳисоблашлари бизни ғурурлантиради,-дейди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ситора Ҳотамова. -Ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз Қуролли Кучларида ва таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар юртимизда баркамол авлод шаклланаётганини кўрсатмоқда.

- Кўрик-танловда ўсмирлар 6 йўналиш бўйича ўзаро беллашдилар. 8 “в” синф ўқувчиси Ҳасан Саботиллаев ғолибликни қўлга киритган бўлса, Машҳур Эргашев, Далер Раҳимов ва Алишер Сатторовлар энг юқори балл тўплаб, совринли ўринларни эгаллашди.

Барча кўрик-танлов иштирокчилари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолибга эса I-даражали диплом топширилди.

Тадбирни юқори савияда мазмунли ва мароқли ўтишида мактаб директори З.Файзиева, мактаб етакчиси У.Муҳаммадиеваларнинг ҳиссаси катта бўлди.

Т.ЮСУПОВ, Б.ҚОДИРОВ

 

 


Дата добавления: 20/01/2017 11:25;   Просмотров: 1511
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку