Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВАТАН ҲИМОЯСИ – ЮКСАК БУРЧ

Ватан ҳимоячилари куни ва миллий армиямиз ташкил топганининг 25 йиллиги айёми яқинлашиб келгани сайин кўнглимиздан Қуролли Кучларимизга нисбатан фахр-ифтихор, ғурур туйғулари кечади.

Чунки Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳбарлиги остида олиб борилган изчил ва ҳар томонлама чуқур ўйланган ҳарбий ислоҳотлар натижасида бугунги кунда мамлакатимиз армияси ҳаракатчан, тезкор, замонавий ҳарбий техника ва сифатли тайёргарликка эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ишлар, турли хил тадбирлар уларнинг онгу тафаккурини янада бойитиб, шарафли касбга қизиқишини шакллантирмоқда. Натижада ёшларнинг энг муносиб вакиллари миллий армиямиз сафларидан ўрин эгалламоқда.

Туман мудофаа ишлари бўлими жамоаси ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялашдек муқаддас ишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Журналист Зоҳир Ҳасанзода туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Неъматулло Ғафуров билан мамлакатимиз ҳаётидаги давлат аҳамиятига молик бўлган муҳим воқеа – Қуролли Кучларимизнинг 25 йиллиги, миллий армиямизни ташкил этиш тарихи хақида суҳбатлашди.

– Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Миллий армиямиз – мустақиллигимизнинг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолатидир” деб номланган рисоласида шундай таъкидлайди,-деди Неъматулло Мирзомаҳмудович,-“... биз 14 январь санасини фақат ҳарбий хизматчилар эмас, айни вақтда армия сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган ватандошларимиз ва эртага хизматга борадиган минг-минглаб навқирон фарзандларимизнинг қутлуғ байрами деб қабул қилишимиз, уни энг улуғ айём – мустақиллик байрами сингари юксак даражада нишонлашимиз лозим”.

Дарҳақиқат ана шу муносабат билан бугунги қизғин тараддуд, бўлиб ўтаётган учрашувлар, турли хил тадбирлар Биринчи Президентимиз фикрларига ҳамоҳангдир.

Неъматулло Мирзомаҳмудович, Қуролли Кучларимизнинг бугунги замонавий қиёфасига хос бўлган асосий белги ва хусусиятлар нималардан иборат?

– Газета муштарийлари хабардор бўлсалар керакки, улар аввал бошданоқ профессионал Қуролли Кучлар сифатида шакллантирилиб, ҳарбий кадрларни тайёрлаш асосига ҳаракатчанлик, тезкорлик ва жанг ёки жанговар амалиётларни ўтказишда юксак самарадорликка эришиш каби жиҳатлар қўйилди. Ҳарбий таълим муассасалари фаолияти уларнинг илмий иш салоҳияти ва услубига боғлиқ ҳолда қайта кўриб чиқилди. Барча олий ҳарбий таълим муассасалари кўп соҳалар бўйича етук мутахассислар тайёрловчи билим даргоҳларига айланди. Ҳарбий хизматнинг янги тури – сафарбарлик чақируви резервидаги хизматнинг жорий этилиши ҳарбий қурилишдаги муҳим ўзгаришлардан бирига айланди. Шуниси диққатга сазоворки, туманимиздан кўплаб ўктам, жисмоний бақувват, маънавий етук йигитлар олий ҳарбий мактабларда таҳсил олмоқдалар.

Умумтаълим, ўрта-махсус касбунар таълим муассасаларида ёшларни Ватан ҳимоячилари қилиб тарбиялаш соҳасида қандай тадбирлар ўтказиляпти?

– Тумандаги барча хил таълим масканларида ҳарбий хизматчилар, байналмилал жангчилар, уруш фахрийлари билан давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Масалан, тумандаги 10-умумтаълим мактабида Афғон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳи ташриф буюришди. Айниқса Тошкент ахборот технологияси институти профессори Юсуф Абдуллаевнинг чиқиши тўпланганларга катта таассурот қолдирди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 декабридаги қарорига мувофиқ 2017 йилнинг февраль-март ойларида мамлакатимизнинг чақирув ёшидаги фуқаролари муддатли ҳарбий хизматга даъват этилади. Бу муҳим тадбирга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

– Бизнинг бино қайта таъмирдан чиқарилди. Тиббий комиссия хоналарида бўлажак Ватан ҳимоячиларини кўрикдан ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Чақирув комиссияси таркибига туман ички ишлар бўлими масъул ходими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши раиси, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ва бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари намояндалари киритилди. Мудофаа ишлари бўлими ходимлари иштирокида бизда ва маҳаллаларда чақирилувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларга Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва хизматдан захирага бўшатилган ёшларга ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлар ҳамда кўрсатилаётган ғамхўрликлар тўғрисида маълумотлар берилмоқда. Бу ўз навбатида ёшлар қалбида ҳарбий хизматга нисбатан янада қизиқиш ортмоқда.

Қизиқ, шахсан сизда ҳарбий касбга ҳавас қачон бошланган эди?

– Мен Наманган вилоятидаги Уйчи туманида 1979 йилнинг 6 февралида туғилганман. Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимда ҳарбийлар ҳаёти тўғрисида кўп китоблар ўқиб, кинолар кўриб бу касбга қизиқишим ортди. Шунинг учун 2000 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кирдим. Қатъий, талабчан, лекин меҳрибон устозларимдан кўп нарсани ўргандим. Спортнинг бокс, кураш ва шарқ якка жанги билан шуғулландим. Билим юртини имтиёзли диплом билан битириб ишга қолдим. Икки йил курсантлар взвод командири эдим. Тақдир тақозоси билан Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида туман мудофаа ишлари бўйича бўлинмалар бошлиғи вазифасида фаолият олиб бордим. Нону насиба экан, Мудофаа вазири буйруғи билан Самарқанд туманига келдим. Самарқанд қадимий ёдгорликларга бой шаҳар. Аввало Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдим.

– Неъматулло Мирзомаҳмудович, истакларингиз?

– Имкониятдан фойдаланиб, газета орқали мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана - Ватан ҳимоячилари куни ва Қуроллик Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги билан муштарийларни чин қалбдан самимий муборакбод этиш менга улкан мамнуният бағишлайди. Бугун биз, ҳарбийлар ҳам халқ хизматида ва Ватан ҳимоясига ҳамиша тайёрмиз. Танда куч, билакда қувват, юракда ўт бор экан, сўнгги нафасгача Ватан дейиш ҳаммамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Чунки Ватан ҳимояси – юксак бурч.


Дата добавления: 13/01/2017 16:26;   Просмотров: 1515
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку