Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГИЁҲВАНДДА БЕТ БОРМИ?..

Дунё ёлғон, оҳ, унинг кўзларида ёш кўрдим,

Ҳалоллигу, покликнинг қўлларида тош кўрдим...

ҚЎШИҚДАН

Театр санъатида ишлайдиган дўстимни учратиб қолдим. Хаёли паришон, ҳадеганда гапирмасди. Одамови бўлишнинг сабабини сўрадим.

- Режиссёримиз янги спектаклни саҳналаштираяпти,-деди у қўлидаги пиёлани ўйнаб. -Барча артистларга рол тақсимлади. Менга эса ашаддий гиёҳванд, бир сўз билан айтганда тутуриқсиз рол тегди. Ёмон кўрганим гиёҳвандлар. Уларни кўрсам уриб ўлдиргим келади.

- Хўш, энди нима қилмоқчисан?-ғашига тегмай оҳиста сўрадим.

- Ўйнамайман, бу ролдан воз кечаман!

- Ахир сен актёрсан-ку?! Ҳар қандай образни маромига етказиб ўйнашинг керак. Халқ артисти деган номинг бор.

Дўстим узоқ хаёлга берилди. Мен эсам осойишта, фаровон ҳаётдан завқ олиб, оиласи камчиликларини битиришга, шириндан-шакар фарзандлари таълим-тарбиясига беэътибор оталар, гиёҳвандлик кўчасига кириб кетган кимсаларнинг борлигини афсус ва надоматлар билан эсладим. Яқинда уларнинг бир гуруҳи устидан жиноят ишлари бўйича туман судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Қора курсида улар бошларини эгиб ўтиришибди. Уларнинг кўпчилиги ҳали ёш, 3-4 тадан болалари бўлса, баъзиси эса пенсионер. Ҳе, қариб қуйилмаган отахон-а, дегим келди. Афсуски, судланувчилар орасида аёллар ҳам бор эди.

Судланувчилар Аслам Бозоров, Хурсандов Фарҳод Болтаевич, Тайибова Жамила Тоҳировна, Болтаев Феруз Фарҳод ўғли, Ҳомидов Наим Шарифович, Якубов Аслиддин Муҳамадиевич, Джураев Равшан Ташпулатович, Қудратов Толмас Тешаевич, Солиев Ўткур Субҳоновичлар бир неча йилдан буён қонунга хилоф равишда кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотиш, истеъмол қилиш, сақлаш билан шуғулланиб келишган. Келаётган мўмай пуллардан ўзларича хурсанд бўлиб, жиноятни давом эттираверишган. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, бу ҳамтовоқлар қилмишларига чек қўйилмагунча ўз кирдикорларини давом эттираверишган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ниҳоят уларнинг ишларини чеклашди. Мана энди улар қора курсида бош эгиб афсусланиб ўтиришибди. Сўнгги пушаймон ўзингга душман дейишади, ҳақ гап. Одил суд ҳақиқатни юзага чиқарди. Аслам Бозоров ўн бир йил, Хурсандов Фарҳод Болтаевич ўн уч йил, Тайибова Жамила Тоҳировна ўн бир йил, Болтаев Феруз Фарҳод ўғли ўн йил, Ҳамидов Наим Шарифович саккиз йил, Яқубов Аслиддин Муҳамадиевич саккиз йил, Джураев Равшан Тошпўлатович саккиз йил, Қудратов Толмас Тешаевич саккиз йил, Солиев Ўткур Субхонович етти йил муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорининг 6-банди “б” кичик бандига асосан судланувчи А.Бозоровга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига, шу қарорнинг 6-банди “а” кичик бандига нисбатан судланувчилар Ф.Болтаев, Н.Ҳамидов, А.Якубов, Р.Жўраев ва Т.Қудратовларга нисбатан жазонинг қолган муддати учдан бир қисмига қисқартирилди.

Жиноят-процессуал кодексининг 203-моддаси 1-қисмига асосан ашёвий далил деб эътироф этилган, жиноятга тайёргарлик кўриш ёки содир этиш учун махсус мўлжалланган, тайёрланган ёки мослаштирилган нарсалар, шунингдек, жиноий мақсадларга эришиш учун жиноят содир этиш жараёнида бевосита фойдаланилган мол-мулклар давлат фойдасига мусодара қилинди.

К.ҲАКИМОВ, туман судининг халқ маслаҳатчиси

 


Дата добавления: 20/01/2017 11:35;   Просмотров: 1597
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку