Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ФИДОЙИ ИНСОН

Ҳар даврнинг ўз фидойи инсонлари бўлади, дейдилар.

Бу беҳуда эмас. Улар вафот этиб кетсалар ҳам амалга оширган ишлари, айтган сўзлари ҳар замон ёдимизга тушиб улар сиймоси беихтиёр хотирамизда гавдаланади. Тошпўлат ота ҳам ана шундай инсонлардан эди. У киши кўп йиллар туман ҳокимлигида боғбон ва қоровул бўлиб ишлади. Ҳамма раҳбарлар у кишидан миннатдор бўлган. Чунки, отахон боғдорчиликни қадрлар, боғлардаги ҳар бир дарахтга меҳр билан қарарди. Остини юмшатиб, ўғит солар, бекорчи шохларини кесиб ташлаб, серҳосил новдаларни кўпайтирарди. Донолардан Сайидо Насафий ёзганидек:

Ҳеч кимга ялинмас ҳунарли инсон,

Ризқин ўз боғидан топади боғбон.

Ҳа, Тошпўлат ота ана шуларга қатъий амал қиларди. Боғдаги дову дарахтлар меҳр билан қилинган парвариш туфайли мўл ҳосил берарди. Ундан отахон ҳам, идора ходимлари ҳам баҳраманд бўларди. Шунинг учун отахонни тумандаги бир қанча ташкилот, идоралар раҳбарлари ўзларига ишлашга таклиф этишар, ҳеч бўлмаса уйларига олиб бориб дарахтларини кўрсатишарди. Тош-пўлат отанинг қайчиси-ю, арраси билан тарвақайлаб ётган дарахтлар шаклга кирар, келгуси йилда эса мўл ҳосил берарди.

–Тошпўлат кесак устига уруғ ташласа ҳам ҳосил қилади,-деган эди раҳматли Мустафоқул ота Собиров. -Қўли гул боғбон, шунинг учун барака топади.

Тошпўлат ота Қурбонов тумандаги бир қатор ташкилотларда – туман молия бўлими, халқ банкида ҳам ҳалол меҳнат қилиб, атроф ободончилигига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Кейинги пайтларда туман Давлат солиқ инспекциясида боғбон бўлиб ишлади. Бу ердаги мевали ва манзарали дарахтларни, гулларни отахоннинг ўзи экиб парвариш қилган. Дарахтлар ораси, бўш ерларда эса тўқсонбости экинлар экар, уларга ўз вақтида сув ва ўғит берарди. Эрта баҳорда тайёр бўлган кўкатлар, гуллар чиройи киши кўзини қувнатарди. Кеч кузгача эса помидор, бойимжон, булғор қалампири пишиб ётар. Инспекция ходимлари баъзан тушликка чиқмасдан шу ернинг ўзида ўзбек оши - помидор тўғраб истеъмол қилишар, олма-ю гилос, шафтоли-ю узумлардан териб ейишарди.

– Тишларинг бор, карсиллатиб мана бу олмалардан тановул қи- линглар, - дея қиз-жувонларга олмалар узатарди.

Таниқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Аслиддин Қамарзода ёзганидек:

Ҳар бир буюк иш сабрдан бошланур,

Сабр қилсанг ғўрадан ҳалво пишур.

Улуғлар сабр билан улуғ бўлганлар,

Сабр қилишга тамал тоши қўйганлар...

Дарҳақиқат, Тошпўлат ота Қурбонов сабрли инсон эди. Бир қизи ва ўғли вафот этганда ичдан эзилиб юрсада, сабр қилди. Турмуш ўртоғи ўлганда ҳам шундай. Пана-панада йиғлаб олсада, бақирмади, кўксини тилмади. Баъзида отахонни тушкун ҳолда кўриб, кўнглини кўтарардим.

– Ҳе ўғлим,-деди бир куни Тош-пўлат ота. –Келинг, сизга бир ривоятни айтаман. Илгари замонда бир подшо бўлган экан. Унинг давлати кўп, турмуш ўртоғи ва бир ўғли бор экан. Бир куни ўғли отда кетаётиб йиқилибди-ю ўлиб қолибди. Онаси доду фарёд солиб йиғлабди. Подшо эса йиғламабди, аламини ичига ютибди. Халқ эса нотинч.

– Подшонинг якка-ю ягона ўғли ўлди,-дебди халқ. –Энди бизга зулм қилади, заҳрини сочади.

Лекин подшо ундай қилмабди. Хушу хурсандчилик билан ишини давом эттирибди. Халқ эса ҳайрон. Фарзанд доғига чидай олмаган турмуш ўртоғи оламдан кўз юмибди. Подшо уни ўғлининг ёнига кўмдирибди.

– Ҳа, энди подшо бизга ситам ўтказади,-ўйлабди халқ. Бироқ ундай бўлмабди. Подшо яна аркону давлати билан ишини давом этибди. Орадан бир неча ой ўтгач туғишган укаси вафот этибди. Майитни тупроққа қўйишаётган пайт подшо чидай олмай фарёд чекибди. Унинг бу ҳолатидан халқ ҳайрон қолибди.

– Ўғлинг ўлди-йиғламадинг, хотининг ўлди - дод демадинг, уканг ўлганда нега фарёд чекдинг?-дея сўрашибди ундан.

– Молу мулким кўп,-дебди подшо. –Қаерга қўл узатсам етади. Яна бир хотин олсам ундан кўп фарзанд-лар кўрсам ҳам бўлади. Ҳали бардамман. Аммо, бир қориндан тушган укани қаердан топаман!!!

Отахон айтган бу ривоят ҳали-ҳали ёдимда. Тошпўлат ота Қурбонов одамшаванда, барчага меҳрибон инсон эди. Шунинг учун у киши вафот этган куни кўп одам келди. Уларнинг ҳаммаси отахонни яхши сўзлар билан ёдлашди. Гўё отаси, акаси вафот этгандек, қайғу биланг уни сўнгги манзилга кузатиб қўйишди.

Н.ОЛИМОВ

 

 


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:44;   Просмотров: 1621
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку